Свернуть поиск
Дополнительная колонка
Правая колонка
Бундай фитналар эътиқод ва имоннинг сустлиги, динимизнинг асл моҳиятини англамаслик, жохилик оқибатидир. Бу хусусда олимларимиз “душманга хизмат қилиш учун хоин бўлишинг шарт эмас - жохиллигинг кифоя” - деб бежиз айтишмаган.
Қуйида ушбу фикирларимни далилларга асосланган холда ва қалбларни бирлаштиришга фойдали бўлади деб ифода-изхор қилишга харакат қиламан.
ФИТНА гирдобидаги Ислом уммати: Миллатчилик ва мазҳабчилик эътиқод сустлигими?
Бугун дунё геосиёсий тўфонлар ичида қолди. Хусусан, Яқин Шарқдаги сиёсий зиддиятлар ва урушлар фонида ижтимоий тармоқлар виртуал жанг майдонига айланиб улгурди. Энг ачинарлиси, бу жангларда қурол сифатида миллатчилик (форс-турк-араб зиддияти) ва мазҳабчилик (шиа-сунний айирмачилиги) ишлатилмоқда.
Аслида, мусулмонларни тили, миллати ёки ички мазҳабий қарашлари бўйича уриштириш — Ислом душманларининг эски ва энг синалган - «бўлиб ташла, ҳукмронлик қил» - сиёсатидир.
Хўш, Муқаддас Динимиз бунга қандай қарайди?
Миллатчилик — Исломдан олдинги жоҳилият қолдиғи
Ислом келишидан олдин араблар ўртасида қабилачилик ва миллатчилик касаллиги авж олган эди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бу иллатга бутунлай чек қўйдилар.
Қуръони Каримда Аллоҳ таоло айтади:
«Эй инсонлар, дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишинглар (дўст-биродар бўлишинглар) учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила-элатлар қилиб қўйдик. Албатта сизларнинг Аллоҳ наздидаги энг ҳурматлироғингиз тақводорроғингиздир. Албатта Аллоҳ билгувчи ва огоҳдир.»
(Ҳужурот сураси, 13-оят)
Бу оят инсоннинг қадри унинг миллати (турк, форс, араб ёки бошқа) билан эмас, балки қалбидаги тақвоси (Аллоҳдан қўрқиши) билан ўлчанишини қатъий белгилаб берди.
Ҳадиси шарифда Расулуллоҳ (с.а.в.) марҳамат қиладилар:
«Арабнинг ажамдан (форсдан,туркдан ва бошқа хар қандай миллатдан), ажамнинг арабдан устунлиги йўқ. Оқ танлининг қора танлидан, қора танлининг оқ танлидан устунлиги йўқ, магар тақво биландир. Инсонларнинг барчаси Одамдан, Одам эса тупроқдан яратилган».
(Имом Аҳмад, «Муснад», 23489-ҳадис)
Ижтимоий тармоқларда «биз шиамиз улар сунний»,«биз туркмиз, булар араб улар форс» деб бир-бирини ҳақорат қилаётганлар пайғамбаримизнинг мана шу ўгитларини унутган, имон заифлигига учраган кимсалардир.
Мазҳабчилик, миллатчилик ва фитна қўзишнинг хатари: Сиёсий ўйинлар мусулмонларни шиа ва суннийга ажратиб, бир-бирига душман қилиб кўрсатишга уринади. Ваҳоланки, Исломнинг асоси — Тавҳид (Аллоҳнинг бирлиги) ва Калимаи шаҳодатдир. Қибласи бир бўлган мусулмонларни бир-бирига қайраш улкан гуноҳдир.
Қуръони Каримда айтилади:
«Ва барчангиз Аллоҳнинг арқонига (Қуръонга) боғланингиз ва бўлинмангиз! Ҳамда Аллоҳнинг сизларга берган неъматини эсланг: бир-бирингизга душман бўлган пайтларингизда дилларингизни ошно қилиб қўйди-ю, сизлар Унинг неъмати сабаб биродарларга айландингиз. Ва дўзах чоҳининг ёқасида турган эдингиз, сизларни ундан халос қилди. Ҳақ йўлни топишингиз учун Аллоҳ сизларга ўз оятларини мана шундай баён қилади.»
(Оли Имрон сураси, 103-оят)
Буюк имомларимиз ҳам мазҳаб ва фикр хилма-хиллигини уруш эмас, балки илмий кенглик деб билишган.
Буюк Имомлар нима деган эдилар?
Имом Абу Ҳанифа (р.а.) (Ҳанафий мазҳаби асосчиси) ўзларининг «Ал-Фиқҳул Акбар» асарларида Ислом аҳлини, гарчи баъзи қарашлари фарқ қилса-да, кофирга чиқармасликни, қибла аҳлини мўмин деб билишни қатъий таъкидлаганлар.
Имом Шофеъй (р.а.) айтганлар: «Менинг фикрим тўғри, лекин хато бўлиши эҳтимоли бор. Бошқанинг фикри хато, лекин тўғри бўлиши эҳтимоли бор». Бу — ўзга қарашдаги мусулмонга бўлган юксак ҳурмат намунасидир.
Мусулмонлар ўртасида қон тўкилиши ёки нафрат уруғи сочилиши фақат ва фақат душманларнинг фойдасига хизмат қилади. Ибн Обидин каби буюк фақиҳлар фитна пайтида тилни тийиш вожиблигини таъкидлаганлар.
Тарихдан хулоса қилсак Форс, Араб ва Турк олимларининг ҳамкорлиги етарли ибратдур.
Бугун тармоқларда форслар, араблар ва туркий халқларни бир-бирига қарши қўяётганлар тарихдан бехабардир. Ислом цивилизациясини мана шу уч халқ вакиллари биргаликда юксакликка кўтаришган.
Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино, Ал-Хоразмий каби заминдошларимиз ҳам туркий, ҳам форсий маданият бағрида, Ислом байроғи остида ижод қилишган. Уларни «у форс эди» ёки «бу турк эди» деб талашиш эмас, уларнинг Исломга қилган хизматини қадрлаш лозим.
Улар ўзларини миллат билан эмас «Мусулмонман» деб танитишган.
Нима қилмоқ керак?
Ижтимоий тармоқлардаги баҳслар, сўкинишлар ва нафрат тили — “қалбнинг кўрлиги ва имоннинг заифлиги белгисидир.” Мусулмон киши сиёсий ўйинларнинг қўғирчоғига айланмаслиги лозим.
Агар сиёсий урушлар кетаётган бўлса, бизнинг вазифамиз ижтимоий тармоқда миллатчилик қилиш эмас, балки мана бу ҳадисга амал қилишдир:
Расулуллоҳ (с.а.в.) айтдилар:
«Мусулмон мусулмоннинг биродаридир. Унга зулм қилмайди, уни ташлаб қўймайди ва уни камситмайди... Кишининг ёмонлигига ўз мусулмон биродарини ҳақорат қилиши (паст санаши) кифоядир».
(Имом Муслим ривояти, «Саҳиҳ», 2564-ҳадис)
Тармоқлардаги миллатчи ва мазҳабпараст провокаторларга (фитначиларга) раддия беринг ёки улардан узоқлашинг. Бизни миллатимиз эмас, Исломимиз ва охират учун қилган амалларимиз қутқаради.
Аллоҳ таоло умматимизга инсоф ва бирдамлик берсин!
Аллоҳумма амиин.
#Тафаккур

Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев