Свернуть поиск
Дополнительная колонка
Правая колонка
Бу суҳбат саҳобий Рабиъ ибн Омир ат-Тамимий розияллоҳу анҳу билан форс қўмондони Рустам ўртасида бўлиб ўтди ва унинг садоси асрлар давомида янграб келмоқда.
Рустам ўз давлати чегарасига келиб тушган қўшин оддий қўшин эмаслигини яхши англар эди. Шунинг учун у урушдан қочишга ҳаракат қилди ва мусулмонлар билан учрашув сўраб одам юборди. Балки улар сулҳга рози бўлар ёки жанг қилмасдан ортларига қайтар, деган умидда эди.
Бу хабар Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳуга етгач, Рустам ҳузурига бир ҳайъат юбориш таклиф қилинди. Аммо Рабиъ ибн Омир розияллоҳу анҳу бу иш форсларга мусулмонлар улардан қўрқяпти ёки уларга қарши туришда иккиланяпти, деган тасаввур бериши мумкинлигини айтди.
Шунинг учун у ёлғиз ўзи боришга ихтиёр қилди. Чунки у биргина матонатли киши душман қалбида баъзан бутун бир ҳайъатдан ҳам кучлироқ таъсир қолдиришига ишонар эди.
Рабиъ отига миниб форслар қароргоҳига кирди. Уни Сосонийлар давлатига хос бўлган ҳашамат ва бойлик қуршаб олган эди.
Ҳамма ёққа қимматбаҳо гиламлар тўшалган, олтин ва ипак билан безатилган ёстиқлар Рустамнинг мажлисини тўлдириб турар, буларнинг барчаси кирган одамларни ҳайратга солиш ва қалбига қўрқув солиш учун қилинган эди.
Аммо Рабиъ буларнинг ҳеч бирига эътибор бермади.
У олтин билан безатилган ёстиқлардан биригача борди, уни ёриб, отининг жиловини унга боғлади.
Сўнг найзасини қўлига олиб, унинг учи билан гиламларни тилиб борган ҳолда Рустам мажлисигача етиб келди.
У ҳашаматли ёстиқларга ўтирмади, балки хотиржамлик билан ерга ўтирди. Гўёки бу безакларнинг унга мутлақо аҳамияти йўқ эди.
Мажлисни сукут қоплади. Форс қўмондонлари бу одамнинг подшоҳлик зийнатларидан мутлақо таъсирланмаганига ҳайрон қолишди.
Рустам сукутни бузиб сўради:
— Нима учун ерга ўтирдинг?
Рабиъ хотиржамлик билан жавоб берди:
— Биз сизларнинг зийнатларингиз устида ўтиришни хуш кўрмаймиз.
Сўнг Рустам ўзи кутаётган саволни берди:
— Сизларни мамлакатимизга нима олиб келди?
Рабиъ Ислом тарихидаги энг машҳур сўзлардан бирига айланган жавобни берди:
— Аллоҳ бизни бандаларни бандаларга ибодат қилишдан Аллоҳнинг Ўзигагина ибодат қилишга чиқариш, динларнинг зулмидан Исломнинг адолатига олиб чиқиш, дунёнинг торлигидан унинг кенглигига чиқариш учун юборди. У бизларни Ўз дини билан халқларга юборди, токи уларни унга чақирсак. Ким буни қабул қилса, биз уни қабул қиламиз ва ундан қайтамиз. Ким бош тортса, Аллоҳнинг ваъдасига етгунча у билан жанг қиламиз.
Рустам бироз сукут сақлаб сўради:
— Аллоҳнинг сизларга берган ваъдаси нима?
Рабиъ деди:
— Биздан шу йўлда ҳалок бўлганларга жаннат, тирик қолганларга эса ғалаба.
Бу қисқа сўзлар эди. Аммо улар Рустам илгари ҳеч қайси қўмондондан эшитмаган ишонч ва яқинни ўз ичига олган эди.
Рустам деди:
— Сенинг гапларингни эшитдим. Энди қўмондонларимиз ва маслаҳат аҳлимиз билан маслаҳатлашиб олишимиз учун муҳлат берасизларми?
Рабиъ сўради:
— Қанча муҳлат хоҳлайсан? Бир кунми ёки икки кунми?
Рустам деди:
— Ундан ҳам кўпроқ. Мадоин аҳлига мактуб ёзиб жавоб кутишим керак.
Рабиъ жавоб қилди:
— Расулуллоҳ ﷺ бизга душман билан тўқнаш келганда уч кундан ортиқ муҳлат бермасликни суннат қилиб қолдирганлар. Сенга уч кун муҳлат.
Кейин уч нарсадан бирини танлайсан: •Ислом,
•ё жизя,
• ёки тўртинчи куни жанг. Мен сенга кафолат бераманки, бу муддат тугамагунча, агар сизлар бошламасангиз, мусулмонлар урушни бошламайдилар.
Рустам ҳайрат билан сўради:
— Сен қавмингнинг бошлиғимисанки, бундай кафолат беряпсан?
Рабиъ табассум қилиб деди:
— Йўқ. Лекин мен мусулмонлардан бир оддий кишиман. Бизда энг паст даражадаги мусулмон берган омонлик ҳам барчамиз учун мажбурий ҳисобланади.
Бу жумланинг ўзиёқ у келган жамиятнинг қандай жамият эканини очиб берди. Бу ишонч ва вафо асосида қурилган жамият эди. Ҳатто энг оддий мусулмоннинг берган ваъдаси бутун умматнинг аҳди ҳисобланар эди.
Рабиъ мусулмонлар қароргоҳига қайтди. Рустам эса эшитган гаплари ҳақида узоқ ўйлаб қолди.
Кейин у қўмондонларига қараб деди:
— Шу одамнинг гапидан ҳам азизроқ ва оқилона гапни ҳеч эшитганмисизлар?
Аммо улардан баъзилари фақат Рабиънинг содда кийимига қараб:
— Унинг кийимига қаранглар! — деб менсимай қўйишди.
Шунда Рустам қаттиқ овозда деди:
— Ҳолингизга вой! Кийимига эмас, фикрига, гапига ва хулқига қаранглар. Араблар кийим ва емишни арзимас деб биладилар, аммо насаб ва шарафларини асрайдилар.
Шунга қарамай, Рустам Рабиъдан ҳайратланган бўлса-да, унинг ўзи истисно ҳолатми ёки барча мусулмонлар ҳам шундайми, билишни истади.
Шунинг учун у Саъд ибн Абу Ваққосга яна бир элчи юборишни сўради.
Саъд эса унга саҳобий Муғийра ибн Шуъба розияллоҳу анҳуни юборди.
Бу сафар Рустам бошқача йўл тутди. У мусулмонларнинг ишончини синдирмоқчи бўлди. Муғийрани қаттиқ ва қўпол сўзлар билан қарши олди.
Арабларни асалда чўкиб кетадиган пашшага, токзорни бузиб ташлайдиган ожиз тулкига ўхшатди. Кейин уларга мол-дунё, кийим-кечак ва озиқ-овқат беришни таклиф қилиб:
— Сизларни бу ерга қашшоқлик олиб келган, орқангизга қайтинглар, — деди.
Муғийра унинг ҳамма гапини хотиржамлик билан тинглади. Сўнг деди:
— Сен айтганингдек эдик, ҳатто ундан ҳам баттар эдик. Биз ўлимтикни, қонни ва суякларни еярдик. Орамиздаги киши амакиваччасини моли учун ўлдирар эди. Кейин Аллоҳ бизга Ўз Расулини ﷺ юборди. У бизга Исломни ўргатди ва одамларни шу динга чақиришни буюрди. Ким қабул қилса, уни ўз ҳолига қўямиз. Ким қабул қилмаса — жизя. Агар уни ҳам қабул қилмаса — у билан жанг қиламиз. Биздан ўлганга жаннат, тирик қолганга ғалаба бор.
Сўнг у ҳам Рустамни Исломга, ё жизяга, ёки жангга чақирди.
Шунда Рустам ўзини тута олмай деди:
— Аллоҳга қасамки, эртага кеч кирмасидан олдин ҳаммангизни қириб ташлайман!
Аммо бу таҳдид мусулмонларнинг позициясини ўзгартира олмади.
Уч кунлик муҳлат тугади.
Икки қўшин Қодисия саҳросида саф тортди. Ислом тарихининг энг буюк жангларидан бири бошланди.
Бир неча кун давом этган қаттиқ жанглардан кейин Рустам ўлдирилди, форс қўшини мағлуб бўлди ва Қодисия ғалабаси Мадоинга йўл очди.
Шундан сўнг асрлар давомида Форсни бошқарган Сосонийлар империяси қулади.

Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев